Октябрь
Чоршанба, 1 октябрь
Юқоридан тушган донолик... бўйсунувчан. (Ёқб. 3:17)
Бўйсунувчан бўлиш сиз учун баъзида қийинми? Шоҳ Довудга бу қийин бўлган. Шунинг учун у Худога: «Сенга итоат этиш истагини менда уйғот»,— деб ибодат қилган. (Заб. 51:12) Довуд Яҳовани яхши кўрган. Шундай бўлса-да, у гоҳида бўйсунишга қийналган. Биз ҳақимизда ҳам шундай деса бўлади. Нега? Биринчидан, итоатсиз бўлиш мойиллиги бизга мерос бўлиб ўтган. Иккинчидан, Шайтон бизни доим исён кўтаришга ундайди. Унинг ўзи ҳам шундай қилган. (2 Кор. 11:3) Учинчидан, исёнкорлик руҳига, яъни «итоатсиз кимсаларга... таъсир етказаётган» руҳиятга эга бўлган бу дунё бизни қамраб олган. (Эфес. 2:2) Биз нафақат гуноҳ қилиш мойиллигига, балки Иблиснинг босими ва бу дунёнинг итоатсизлик қилиш руҳига қарши курашишга жон куйдиришимиз керак. Балки Яҳовага ҳамда У ҳокимият берган кишиларга ҳам бўйсунишга ҳаракат қилишимиз лозим. w23.10 6-саҳ., 1-хб.
Пайшанба, 2 октябрь
Яхши шаробни шу пайтгача сақлаб қўйибсиз. (Юҳан. 2:10)
Исо мўъжизавий тарзда сувни шаробга айлантирганидан нимани ўрганишимиз мумкин? Бундан камтарлик борасида сабоқ оляпмиз. Исо бу мўъжизани яратгани билан мақтанмаган. Ҳа, у қилган иши билан ҳеч қачон мақтанмаган. Аксинча, у доим камтарлик ила барча шон-шарафни Отасига қаратган. (Юҳан. 5:19, 30; 8:28) Биз ҳам ўзимизга камтарона нуқтаи назарда бўлиб, қилган ишимиз билан мақтанмасак, Исога тақлид қилган бўламиз. Келинг, ўзимизни эмас, биз хизмат қилаётган Тангри Яҳовани мақтайлик. (Ерм. 9:23, 24) У лойиқ бўлган шон-шарафни Унга келтиришимиз даркор. Ахир, Яҳованинг ёрдамисиз қўлимиздан нима ҳам келарди?! (1 Кор. 1:26–31) Камтарин бўлсак, бошқаларга ёрдам берганимиз билан мақтанмаймиз. Аксинча, Яҳова бизнинг ишимизни кўриб, уни қадрлашини билишдан мамнун бўламиз. (Матто 6:2–4 ни солиштиринг; Иброн. 13:16) Исога ўхшаб камтар бўлсак, Яҳовани қувонтиришимиз шубҳасиз. (1 Бутр. 5:6) w23.04 4-саҳ., 9-хб.; 5-саҳ., 11-, 12-хб.
Жума, 3 октябрь
Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар. (Филип. 2:4)
Ҳаворий Павлус илоҳий илҳом остида масиҳийларни бошқаларнинг манфаатини кўзлашга ундаган. Йиғилишларда бу маслаҳатга қандай амал қила оламиз? Бошқалар ҳам бизга ўхшаб муҳокамада иштирок этишни истаётганини ёдда тутишимиз лозим. Мана бу ҳақда бир ўйлаб кўринг: дўстларингиз билан суҳбатлашганда уларга имкон бермай фақат ўзингиз гапиришга интиласизми? Албатта, йўқ. Улар ҳам суҳбатда иштирок этишини хоҳлайсиз. Шунга ўхшаб, йиғилишларда имкон борича кўплар иштирок этишини хоҳлаймиз. Биродару опа-сингилларимизга далда беришнинг энг яхши йўлларидан бири уларга шарҳ беришга имкон бериш. (1 Кор. 10:24) Қисқа шарҳлар берсак, муҳокамада кўпроқ одам қатнаша олади. Ҳатто қисқа шарҳ берсангиз ҳам хатбошидаги ҳамма фикрларни айтишдан қочинг. Ҳамма фикрни айтиб қўйсангиз, бошқалар шарҳ беришига имкон қолдирмайсиз. w23.04 22-, 23-саҳ., 11–13-хб.
Шанба, 4 октябрь
Буларнинг барини хушхабар учун, яъни уни бошқалар билан баҳам кўриш ниятида қиляпман. (1 Кор. 9:23)
Бошқаларга ёрдам беришда давом этиш муҳимлигини ёдда тутишимиз лозим. Буни, айниқса, хизмат орқали қила оламиз. Хизматимизда мослашувчан бўлишимиз муҳим. Нега деганда, эътиқоди, нуқтаи назари ва келиб чиқиши турли бўлган инсонларни учратамиз. Ҳаворий Павлус мослашувчан бўлган, биз ҳам ундан ўрнак олишимиз мумкин. Исо уни «ўзга халқлар» учун ҳаворий этиб тайинлаган. (Рим. 11:13) Шу йўсин, у яҳудийларга, юнонларга, ўқимишли ва оддий инсонларга, мансабдор ҳамда шоҳларга ваъз қилган. Бундай ҳар хил инсонларнинг қалбини забт этиш учун Павлус «ҳар турли инсонлар учун ҳамма нарса бўл»ган. (1 Кор. 9:19–22) У одамларнинг маданияти, келиб чиқиши ва эътиқодига аҳамият бериб мослашган ва шунга қараб уларга таълим берган. Биз ҳам мослашувчан бўлсак ва ҳар бир инсонга ёрдам бериш учун энг яхшисини қилишга интилсак, ваъзгўйликда маҳоратимизни ошира оламиз. w23.07 23-саҳ., 11-, 12-хб.
Якшанба, 5 октябрь
Раббимизнинг қули эса жанжалкаш бўлмасин. Аксинча, ҳамма билан мулойим... бўлсин. (2 Тим. 2:24)
Мулойим инсонни заиф эмас, кучли деса бўлади. Сабаби қийин вазиятларда ички хотиржамликни сақлаш учун куч керак. Шунингдек, мулойимлик «муқаддас руҳ самараси»нинг бир қирраси. (Галат. 5:22, 23) Юнончадан таржима қилинган «мулойимлик» сўзи баъзида қўлга ўргатилган ёввойи отни тасвирлаш учун ишлатилган. Ёввойи от ювош бўлиб қолганини тасаввур қилинг. У ювош, шу билан бирга кучли. Қай йўсин инсонлар ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам мулойим, ҳам кучли бўла олишади? Буни ўз кучимиз билан қила олмаймиз. Бунинг учун ушбу гўзал фазилатни ривожлантиришга ёрдам беришини сўраб, Яҳовага ибодат қилишимиз керак. Кўплар бу фазилатни ривожлантира олди. Мисол учун, анчагина имондошимиз улар билан баҳслашмоқчи бўлган инсонларга мулойимлик кўрсатган. Бу туфайли бошқалар Яҳованинг Шоҳидлари тўғрисида яхши фикрда қолган. (2 Тим. 2:24, 25) w23.09 15-саҳ., 3-хб.
Душанба, 6 октябрь
Ибодат қилган эдим. Яҳова тилагимни бажо келтирди. (1 Шоҳ. 1:27)
Ҳаворий Юҳанно ҳайратомуз ваҳийда осмонда Худога топинаётган 24 та оқсоқолни кўрганди. Улар Яҳовани улуғлаб, У «шон-шараф ва куч-қудратни эгаллашга лойиқ» деб айтишарди. (Ваҳ. 4:10, 11) Садоқатли фаришталар ҳам Яҳовага шон-шараф келтириш учун жуда кўп сабабларга эга. Улар У билан бирга осмонда ва Уни жуда яхши билишади. Қолаверса, Унинг ишларида фазилатлари қандай мужассам бўлаётганини кўришади. Яҳова қандай йўл тутаётганини кўриш, фаришталарни Уни улуғлашга ундайди. (Аюб 38:4–7) Ибодатларимизда Яҳовани улуғлашимиз лозим. Бунинг учун Уни нега яхши кўришимизни ва қадрлашимизни айтсак бўлади. Муқаддас Китобни ўқиганда ва тадқиқ қилганда, айниқса, сизга ёқадиган фазилатларини аниқлашга интилинг. (Аюб 37:23; Рим. 11:33) Кейин улар борасида нималарни ҳис қилаётганингизни У билан бўлишинг. Қолаверса, Худо бизга ва барча имондошларимизга ёрдам бераётгани учун Уни шарафланг. (1 Шоҳ. 2:1, 2) w23.05 3-, 4-саҳ., 6-, 7-хб.
Сешанба, 7 октябрь
Яҳовага муносиб равишда йўл тути[нг]. (Колос. 1:10)
1919 йили Худонинг халқи Буюк Бобилнинг таъсиридан озод бўлди. Ўша йили «ишончли ва ақлли хизматкор» хизматига киришди. Шунда самимий инсонлар янги очилган «Муқаддаслик йўли»да юра бошлади. (Мат. 24:45–47; Ишаё 35:8) Йўлни ҳозирлашда ўз ҳиссасини қўшган ўтмишдаги садоқатли инсонлар туфайли ушбу катта йўлга қадам қўйганлар Яҳованинг ниятлари ҳақида кўпроқ билиб олиш имкониятига эга бўлган. (Ҳик. 4:18) Шунингдек, улар Яҳованинг талабларига мос тарзда ҳаёт кечира бошлашган. Яҳова хизматчилари бирданига ўзгаришини кутмайди. Аксинча, У улар буни аста-секин қилишларига ёрдам беради. Худони ҳар бир ишимиз билан мамнун қила олганимизда ниҳоятда бахтиёр бўламиз! Ҳар бир йўл яхши ҳолатда бўлиши учун тинмай ҳаракат қилиш кутилади. 1919 йилдан бери кўпроқ одамлар Буюк Бобилдан чиқиб, «Муқаддаслик йўли»да юра олиши учун бу йўл ҳам яхшиланиб келяпти. w23.05 17-саҳ., 15-хб.; 19-саҳ., 16-хб.
Чоршанба, 8 октябрь
Сени ҳечам ташлаб кетмайман. (Иброн. 13:5)
Етакчи кенгашдаги биродарлар Етакчи кенгашнинг турли қўмиталарининг ёрдамчиларига шахсан ўзлари таълим беряпти. Ушбу ёрдамчилар ташкилотимизда кўпгина масъулиятли вазифаларни садоқат ила бажариб келяпти. Улар Масиҳнинг қўзичоқларига ғамхўрлик қилишда давом этиш учун пухта тайёрланган. Буюк мусибатнинг якунига оз вақт қолганида, сўнгги мойланган масиҳий осмонга кўтарилганда, Яҳованинг халқи ер юзида Унга садоқат ила топинишда давом этади. Йўлбошчимиз Исо Масиҳга минг раҳмат, чунки Худонинг халқи бир сонияга ҳам ташлаб қўйилмайди. Биламизки, ўшанда Магўг юртидаги Гўг, яъни зулмкор халқлар иттифоқи бизга ҳужум қилади. (Ҳиз. 38:18–20) Бироқ бу қисқа вақт давом этадиган ҳужум муваффақият қозонмайди. У Худонинг халқини Унга топинишдан тўхтата олмайди. Аллоҳ халқини қутқариши шубҳасиз! Ҳаворий Юҳанно ваҳийда Масиҳнинг бошқа қўйлари «улкан оломон» эканини кўрган. Юҳаннога «улкан оломон» «буюк мусибатдан чиқиб кел»иши ҳақида айтилган. (Ваҳ. 7:9, 14) Дарҳақиқат, улар омон қолишади! w24.02 5-, 6-саҳ., 13-, 14-хб.
Пайшанба, 9 октябрь
Худонинг руҳи сизларда амал қилишига тўсқинлик қилманглар. (1 Салон. 5:19)
Муқаддас руҳга эга бўлиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун ибодат қилиш, Худонинг илҳомлантирилган Каломини тадқиқ қилиш ва Унинг ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш лозим. Бундай қилиш орқали «муқаддас руҳ самараси»ни ривожлантирамиз. (Галат. 5:22, 23) Яҳова уни фақат фикрлари ва хулқ-атвори пок бўлишига интилаётган инсонларга беради. Нопок фикрлар онгимизда ин қуришига ва ҳаракатларимизга таъсир қилишига йўл қўйсак, Худо бизга Ўз руҳини бермайди. (1 Салон. 4:7, 8) Муқаддас руҳни олишда давом этиш учун «башоратларга бепарво» бўлмаслигимиз ҳам даркор. (1 Салон. 5:20) Бу ердаги «башоратлар» сўзи Худо муқаддас руҳи орқали берадиган хабарларни англатади. Бунга Яҳованинг куни ва жуда қизғин даврда яшаётганимиз ҳақидаги хабарлар киради. Унинг куни ёки Армагеддон биз яшаётган даврда келмайди, деб ўйламаймиз. Аксинча, «художўй бўлиш» ва хулқ-атворимизни пок сақлаш орқали бу кун келишига ишонаётганимизни ва ёдимизда эканини кўрсатамиз. (2 Бутр. 3:11, 12) w23.06 12-, 13-саҳ., 13-, 14-хб.
Жума, 10 октябрь
Яҳовадан қўрқиш доноликнинг бошидир. (Ҳик. 9:10)
Агар электрон қурилмамизда порнографик расм чиқиб қолса, масиҳийлар сифатида нима қилишимиз керак? Ундан дарҳол кўзимизни олиб қочишимиз муҳим. Агар Яҳова билан муносабатимиз бизда бор бўлган энг қимматбаҳо нарса эканини ёдда тутсак, бундай қилиш осон бўлади. Аслида порнографик ҳисобланмайдиган расмлар инсонда жинсий истакларни уйғотиши мумкин. Нега улардан қочиш жуда муҳим? Сабаби кўнглимизда бизни зинога етаклайдиган ҳатто кичик қадамни ҳам қўйишни истамаймиз. (Мат. 5:28, 29) Таиландда яшовчи Дейвид исмли оқсоқол шундай деди: «Мен ўзимдан қуйидагича сўрайман: “Ҳатто расмлар порнографик бўлмаса-да, уларни томоша қилишим Яҳовага маъқул бўладими?” Бундай мулоҳаза юритиш донолик билан йўл тутишимга ёрдам беради». Яҳовани ранжитадиган бирон ишга қўл уришдан қўрқиш доно йўл тутишимизга кўмаклашади. Худодан қўрқиш «доноликнинг боши» ёки пойдеворидир. w23.06 23-саҳ., 12-, 13-хб.
Шанба, 11 октябрь
Эй халқим, бор, ичкари хоналарингга кир. (Ишаё 26:20)
«Ичкари хоналар» жамоатларимизга ишора қилиши мумкин. Буюк мусибат давомида имондошларимиз билан аҳил бўлишда давом этсак, Яҳова ваъда берганидай бизни ҳимоя қилади. Шу боис уларга нафақат чидамли бўлиш, балки уларни қаттиқ яхши кўриш учун ҳозирдан жон куйдиришимиз лозим. Омон қолишимиз бунга боғлиқ бўлиши мумкин! «Яҳованинг улуғ куни» бутун инсоният учун оғир давр бўлади. (Заф. 1:14, 15) Унинг халқи ҳам қийинчиликларга дуч келади. Лекин ҳозирданоқ тайёргарлик кўрсак, ўшанда хотиржам бўлиб, бошқаларга кўмаклаша оламиз. Қийинчиликларга дуч келганимизда сабр-бардошли бўламиз. Биродару опа-сингилларимиз қийинчиликларга дуч келганида меҳр-шафқат намоён этиб, уларга ёрдам бериш учун қўлимиздан келган энг яхшисини қиламиз ва улар муҳтож бўлган нарсаларни тақдим этамиз. Ҳозирданоқ имондошларимизга севги кўрсатишни ўргансак, келажакда ҳам буни қила оламиз. Шунда Яҳова бизни табиий офатлар ва азоб-уқубатлар унут бўлган дунёда абадий ҳаёт билан мукофотлайди. (Ишаё 65:17) w23.07 7-саҳ., 16-, 17-хб.
Якшанба, 12 октябрь
[Яҳова] сизларни мустаҳкам ва кучли қилиб қўяди. (1 Бутр. 5:10)
Худонинг Каломида кўп ҳолларда садоқатли инсонлар кучли қилиб тасвирланган. Лекин ҳатто уларнинг энг кучлиси доим ҳам ўзини бундай ҳис қилмаган. Масалан, шоҳ Довуд. Баъзида ўзини «тоғдай мустаҳкам» ҳис қилган, гоҳида эса «саросимага тушиб қол»ган. (Заб. 30:7) Шимшўн ҳам Худонинг руҳи таъсирида ниҳоятда кучли бўлган. Худонинг бундай кучи бўлмаса, у кучи кетиб «бошқа одамлардай ожиз бир банда бўлиб» қолишини тушунган. (Ҳак. 14:5, 6; 16:17) Бу садоқатли кишилар мустаҳкам бўлишган, чунки Яҳова уларга куч берган. Ҳаворий Павлус ҳам унга Яҳованинг кучи кераклигини тан олган. (2 Кор. 12:9, 10) У соғлик муаммолари билан курашган. (Галат. 4:13, 14) Гоҳида у тўғри ишлар қилиш учун ҳам курашган. (Рим. 7:18, 19) Баъзан Павлус ташвишланган ва у билан нима бўлишидан қўрққан. (2 Кор. 1:8, 9) Лекин у заиф бўлганида қайта кучга тўлган. Қандай қилиб? Яҳова Павлусга унга етишмаган кучни бериб, уни мустаҳкамлаган. w23.10 12-саҳ., 1-, 2-хб.
Душанба, 13 октябрь
Яҳова... инсоннинг қалбига қарайди. (1 Шоҳ. 16:7)
Гоҳида ўзимизни арзимасдай ҳис қилганимизда, Яҳованинг Ўзи бизни жалб қилганини эсласак бўлади. (Юҳан. 6:44) У бизда, эҳтимол, ўзимиз кўрмаётган яхши томонларимизни кўряпти ва аслида қандай инсон эканимизни биздан яхшироқ билади. (2 Сол. 6:30) Шундай экан, Яҳова биз қадрли эканимизни айтганида, бундан шубҳаланмасак бўлади. (1 Юҳан. 3:19, 20) Баъзиларимиз ҳақиқатни билишдан олдин қилган ишларимиз туфайли ҳозир ҳам ўзимизни айбдор ҳис қилаётгандирмиз. (1 Бутр. 4:3) Ҳатто садоқатли масиҳийлар ҳам гуноҳ қилиш мойиллиги билан курашади. Сиз ҳақингизда-чи, нима деса бўлади? Яҳова сизни кечирмайди деган фикрлар келадими? Агар шундай бўлса, Яҳованинг садоқатли хизматчилари шу каби туйғулар билан курашганини билиш сизга тасалли беради. Масалан, ҳаворий Павлус камчиликлари устида фикр юритганида ўзини бахтсиз ҳис қилган. (Рим. 7:24) Албатта, у тавба қилган ва сувга чўмганди. Шундай бўлса ҳам, ўзи ҳақда «ҳаворийларнинг энг кичигиман», «гуноҳкорларнинг биринчиси менман» деган. (1 Кор. 15:9; 1 Тим. 1:15) w24.03 27-саҳ., 5-, 6-хб.
Сешанба, 14 октябрь
Халқ ота-боболарининг Худоси Яҳованинг уйини тарк эт[ди]. (2 Сол. 24:18)
Шоҳ Йўшнинг ёмон қароридан олишимиз мумкин бўлган сабоқлардан бири шуки, биз Яҳовани яхши кўрадиган ва Уни хурсанд қилишни истайдиган инсонлар билан дўстлашишимиз керак. Сабаби улар бизга ижобий таъсир қилади. Дўст танлаётганингизда унинг ёшига эътибор берманг. Ёдингизда бўлсин, Йўш Ёҳайидодан анча кичик бўлган. Танлаган дўстларингиз борасида ўзингиздан қуйидагича сўранг: «Улар Яҳовага бўлган имонимни мустаҳкамлашга ёрдам беряптими? Худонинг меъёрлари бўйича яшашга мени ундаяптими? Улар Яҳова ҳамда Унинг қимматбаҳо ҳақиқатлари тўғрисида гапиряптими? Худонинг меъёрларига ҳурмат намоён этяптими? Улар мен эшитишни хоҳлаган нарсани айтяптими ёки керак бўлганида менга маслаҳат беряптими?» (Ҳик. 27:5, 6, 17) Очиғини айтганда, агар дўстларингиз Яҳовани яхши кўрмаса, унда уларнинг сизга кераги йўқ. Аммо дўстларингиз Яҳовани яхши кўрса, улардан айрилманг. Сабаби улар сизга доим ёрдам беради! (Ҳик. 13:20) w23.09 9-, 10-саҳ., 6-, 7-хб.
Чоршанба, 15 октябрь
Мен Альфа ва Омега. (Ваҳ. 1:8)
Юнон алифбоси альфа ҳарфи билан бошланиб, омега ҳарфи билан тугайди. Яҳованинг: «Мен Альфа ва Омега»,— деб айтган сўзлари, У бирон нимани бошласа, буни муваффақият ила ўз ниҳоясига етказиб қўйишини кўрсатяпти. Худо Одамато билан Момоҳавони яратгач: «Серфарзанд бўлиб, кўпайинглар ва ер юзини тўлдириб, тобе қилинглар»,— деб айтди. (Ибт. 1:28) Ўша пайтда Яҳова худди «Альфа» дегандай эди. У аниқ қилиб ниятини айтган: Одамато билан Момоҳавонинг мукаммал ва итоатли авлодлари ерда яшаб, уни жаннатга айлантиришади. Унинг бу нияти амалга ошганида эса У худди «Омега» дегандай бўлади. Яҳова «осмон билан ернинг ва улардаги барча нарсаларнинг яратилиши ўз ниҳоясига» етганида кафолат берган. Худо инсонларга ва ерга нисбатан ниятини ҳеч қандай тўсиқсиз бажаришга кафолат берган. Бу еттинчи куннинг охирида бутунлайин амалга ошиши керак эди. (Ибт. 2:1–3) w23.11 5-саҳ., 13-, 14-хб.
Пайшанба, 16 октябрь
Яҳовага йўл ҳозирланглар! Тангримиз учун чўлда текис йўл солинглар. (Ишаё 40:3)
Бобилдан Исроилгача тахминан тўрт ойда етиб олиш мумкин эди ва бу мушкул сафар бўлган. Лекин Яҳова исроилликлар йўлда учраши мумкин бўлган ҳар қандай тўсиқни бартараф этишни ваъда қилган. Садоқатли яҳудийлар Исроилга қайтишса, эҳтимол, қилинган фидойиликларга қараганда кўпроқ баракалар олишини тушунишган. Яҳовага топиниш улар учун энг катта барака бўларди. Бобилда Унинг маъбади йўқ эди. Шунингдек, исроилликлар Мусонинг Қонунида талаб этилган қурбонликларни келтириши учун на қурбонгоҳ, на руҳонийлар бор эди. Қолаверса, у ерда Яҳовани ва Унинг меъёрларини назар-писанд қилмайдиган бутпараст одамлар жуда кўп эди. Шунинг учун минглаб художўй яҳудийлар она юртига қайтиб, пок топинишни яна тиклашни сабрсизлик билан кутишган. w23.05 14-, 15-саҳ., 3-, 4-хб.
Жума, 17 октябрь
Нур фарзандларидек йўл тутинглар. (Эфес. 5:8)
«Нур фарзандларидек» йўл тутиш учун муқаддас руҳнинг кўмагига муҳтожмиз. Негаки, бу ахлоқсиз дунёда пок қолиш унча-мунча осонмас. (1 Салон. 4:3–5, 7, 8) Муқаддас руҳ бизга бу дунёнинг нуқтаи назарига, жумладан, фалсафаси ва Худонинг қарашларига зид бўлган фикрлаш тарзига қарши туришга ёрдам беради. Унинг ёрдамида «ҳар қандай ҳиммат, адолат» самара бериши мумкин. (Эфес. 5:9) Муқаддас руҳни олишнинг бир йўли уни ибодатда сўрашдир. Исо Яҳова «Ундан сўраганларга муқаддас руҳни бериши муқаррар» деб айтган. (Луқо 11:13) Яҳовани йиғилишларда биргалашиб мадҳ этганимизда ҳам муқаддас руҳ оламиз. (Эфес. 5:19, 20) Худонинг руҳи бизга яхши таъсир қилиб, Унга маъқул тарзда яшашимизга кўмаклашади. w24.03 23-, 24-саҳ., 13–15-хб.
Шанба, 18 октябрь
Сўраб туринглар ва сизларга берилади, излаб туринглар ва топасизлар, тақиллатиб туринглар ва сизларга эшик очилади. (Луқо 11:9)
Кўпроқ сабр-тоқатли бўлишингиз керакми? Ундай бўлса, бу борада ибодат қилинг. Сабр-тоқат муқаддас руҳ самарасининг бир қисми. (Галат. 5:22, 23) Шу боис уни ривожлантиришга ёрдам бериши учун Яҳовадан муқаддас руҳ сўрашимиз даркор. Сабр-тоқатимизни синайдиган вазиятга дуч келсак, сабрли бўлиш учун муқаддас руҳ сўрашда давом этишимиз лозим. (Луқо 11:13) Шунингдек, Яҳовадан вазиятга Унинг нуқтаи назари билан қарашга кўмаклашишини сўрасак бўлади. Ибодатдан сўнг ҳар куни сабр-тоқатли бўлиш учун қўлимиздан келган энг яхшисини қилишимиз керак. Қанча кўп ибодат қилиб сабр-тоқатли бўлишга интилсак, шунча кўп бу фазилат қалбимизда илдиз отиб, шахсиятимизнинг бир қисмига айланади. У Муқаддас Китобдаги мисоллар устида фикр юритишга ҳам ёрдам беради. У ерда сабр-тоқатли бўлган инсонларнинг кўпгина мисоллари келтирилган. Улар ҳақидаги баёнотлар устида фикр юритиш орқали бу фазилатни қай йўсин намоён этишимиз мумкинлигини ўргана оламиз. w23.08 22-, 23-саҳ., 10-, 11-хб.
Якшанба, 19 октябрь
Тўрларингизни ташланглар. (Луқо 5:4)
Исо ҳаворий Бутрусни Яҳова унга ғамхўрлик қилишига ишонтирган. Тирилган Исо у ва бошқа ҳаворийларига балиқ овида бошқа мўъжизани кўрсатган. (Юҳан. 21:4–6) Бу мўъжиза Бутрусни Яҳова моддий эҳтиёжларига ғамхўрлик қила олишига ишонтирган. Ҳойнаҳой, бу ҳаворий Исонинг Шоҳлик «ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда» бўлса, Яҳова сизга ғамхўрлик қилади деган сўзларини эслагандир. (Мат. 6:33) Бу сўзларга амал қилган ҳолда Бутрус балиқ овини эмас, ваъзгўйликни ҳаётда биринчи ўринга қўйган. Мил. 33 йили Ҳосил байрамида у жасорат ила шоҳидлик бериб, минглаб инсонларга хушхабарни қабул қилишга ёрдам берган. (Ҳавор. 2:14, 37–41) Шунингдек, у самарияликларга ва ўзга халқ вакилларига Масиҳ ҳақида билим олиб, унга эргашишларига кўмаклашган. (Ҳавор. 8:14–17; 10:44–48) Шубҳасизки, Яҳова ундан ўзгача тарзда фойдаланиб, турли инсонларни жамоатига жалб қилган. w23.09 20-саҳ., 1-хб.; 23-саҳ., 11-хб.
Душанба, 20 октябрь
Мен қандай туш кўрганимни айтиб, уни таъбирлаб бермасангиз, таналарингиз бўлак-бўлак қилин[ади]. (Дон. 2:5)
Бобилликлар Қуддусни вайрон қилганидан икки йил ўтгач, Бобил шоҳи Навуходоносор баҳайбат ҳайкал ҳақида тинчини бузадиган туш кўрган. Шоҳ агар у қандай туш кўрганини айтиб, буни таъбирлаб беришмаса, барча донишмандларни, шунингдек, Дониёрни ўлдиришга буйруқ берган. (Дон. 2:3–5) Шунда Дониёр дарҳол ҳаракатга тушган, акс ҳолда, кўплар ҳаётини йўқотиши мумкин эди. У «шоҳнинг ҳузурига бориб, тушнинг таъбирини айтиш учун вақт беришини» сўраган. (Дон. 2:16) Бундай қилиш учун унга жасорат ва имон керак эди. Дониёр бундан олдин тушларни таъбирлагани ҳақида ҳеч қаерда ёзилмаган. У дўстларидан «осмондаги Худованд уларга бу сирни очиб бериши ва раҳм-шафқат кўрсатиши ҳақида ибодат қилишларини» сўраган. (Дон. 2:18) Яҳова уларнинг ибодатларига жавоб берган. Дониёр Унинг ёрдамида Навуходоносорнинг тушини таъбирлаб берган. Шу йўсин, Дониёр ва унинг дўстлари омон қолишган. w23.08 3-саҳ., 4-хб.
Сешанба, 21 октябрь
Охиригача чидаган қутулади. (Мат. 24:13)
Сабр-тоқатли бўлишнинг фойдали томонлари ҳақида ўйланг. Сабр-тоқатли бўлсак янада бахтиёр ва хотиржам бўламиз. Бу туфайли жисмоний ва ҳиссий соғлигимиз яхшиланиши мумкин. Қолаверса, сабр-тоқат бошқалар билан яхшироқ муносабатга эга бўлишга ёрдам беради. Жамоатимиз эса янада аҳил бўлади. Ёки иғволи вазиятга дуч келганимизда, ғазабланишга шошилмасак вазият баттар ёмонлашмаслигига ҳисса қўшамиз. (Заб. 37:8, изоҳ; Ҳик. 14:29) Энг муҳими эса самовий Отамизга тақлид қиламиз ва Унга янада яқинлашамиз. Чиндан ҳам сабр-тоқат барчамизга фойда келтирадиган ажойиб фазилатдир. Уни доим ҳам намоён этиш осон бўлмаса-да, Яҳованинг кўмаги билан уни ривожлантиришда давом эта оламиз. Шунингдек, янги дунёни «сабр билан» кутар эканмиз, Яҳова бизга ёрдам беришига ва қўллаб-қувватлашига амин бўлишимиз мумкин. (Михо 7:7) Илойим, барчамиз сабр-тоқат фазилатига бурканишда давом этайлик. w23.08 22-саҳ., 7-хб.; 25-саҳ., 16-, 17-хб.
Чоршанба, 22 октябрь
Ишларсиз имон ўлик ҳисобланади. (Ёқб. 2:17)
Ёқуб таъкидлаганидек, одам ўзини художўй деб ўйлаши мумкин. Лекин ишлари билан бундай эмаслигини кўрсатади. (Ёқб. 2:1–5, 9) Шунингдек, Ёқуб киши имондоши кийимсиз ёки озиқ-овқатсиз қолганини кўриб, унга амалий ёрдам бермаганини айтган. Ўша киши ўзини художўй деб кўрсатган бўлса-да, ишлари аксини кўрсатарди. (Ёқб. 2:14–16) Ёқуб Раҳобани имонини амалда намоён этган аёл сифатида тилга олган. (Ёқб. 2:25, 26) Раҳоба Яҳова ҳақида эшитиб, У исроилликларни қўллаб-қувватлаётганини тушунган. (Ёшуа 2:9–11) У ўз имонини амалда намоён этган — хавфли вазиятга дуч келган иккита исроиллик айғоқчини ҳимоя қилган. Натижада исроиллик бўлмаган бу номукаммал аёл Иброҳим сингари одил деб тан олинган. Унинг ўрнаги имон ишлар билан чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқлаяпти. w23.12 5-, 6-саҳ., 12-, 13-хб.
Пайшанба, 23 октябрь
Сизлар илдиз отиб, мустаҳкам пойдеворда ўрнашинглар. (Эфес. 3:17)
Масиҳийлар сифатида Муқаддас Китобдаги фақат асосий таълимотларни билиш билан кифояланмаймиз. Муқаддас руҳнинг ёрдами билан «ҳатто Худонинг чуқур донолигини» ўрганамиз. (1 Кор. 2:9, 10) Яҳовага кўпроқ яқинлашиш мақсадида шахсий тадқиқ учун бирон лойиҳани режалаштиришдан бошлашингиз мумкин. Масалан, Худо севгисини қадимдаги хизматчиларига қай йўсин кўрсатганини ва бу У сизни ҳам севишини қандай исботлаётганини тушунишга ҳаракат қиларсиз. Ёки Исроилда топиниш учун Яҳова ташкил этган тадбир борасида изланиш олиб бориб, бу ҳозирги тадбир билан қандай ўхшашини солиштирсангиз бўлар. Ё бўлмаса, Исо ер юзида хизмат қилганида қайси башоратлар амалга ошганини батафсил кўриб чиқарсиз. «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи» ёки «Яҳованинг Шоҳидлари изланиш олиб бориши учун қўлланма»дан фойдаланиб, бу каби мавзулар борасида тадқиқ ўтказиб завқ олишингиз мумкин. Каломни синчковлик ила тадқиқ қилиб имонингизни мустаҳкамлайсиз ҳамда ўзингизга «Худо ҳақида билимга» эга бўлишга ёрдам берасиз. (Ҳик. 2:4, 5) w23.10 18-, 19-саҳ., 3–5-хб.
Жума, 24 октябрь
Энг аввало, бир-бирингизни самимият билан севинглар, чунки севги кўпгина гуноҳларни қоплайди. (1 Бутр. 4:8)
Ҳаворий Бутрус қўллаган «самимият» сўзи том маънода «чўзиш» ёки «ёйиш» деган маънони билдиради. Бу оятнинг иккинчи қисмида эса самимият билан севишнинг натижаси қандай бўлиши ёзилган. Самимият билан севиб, биродарларимизнинг гуноҳларини қоплаган бўламиз. Айтайлик, доғлари кўп стол бор. Уларнинг битта ёки иккитасини эмас, ҳаммасини қоплаш учун унинг устига дастурхон ёямиз. Шу каби имондошларимизни самимият билан севсак, уларнинг битта ёки иккита камчилигини эмас, «кўпгина» гуноҳларини қоплашимиз мумкин. Имондошларимизнинг камчиликларини кечириш учун севгимиз етарли даражада кучли бўлиши даркор. Баъзида бунинг учун ҳатто анчагина куч сарфлашимиз керак бўлади. (Колос. 3:13) Бошқаларни кечира олганимизда, севгимиз кучли эканини ва Яҳовани мамнун қилиш хоҳишимиз борлигини кўрсатамиз. w23.11 10-, 11-саҳ., 13-,14-хб.; 12-саҳ., 15-хб.
Шанба, 25 октябрь
Шофон... шоҳнинг олдида уни ўқий бошлади. (2 Сол. 34:18)
Шоҳ Йўшиё 26 ёшда бўлганида маъбадни тиклаш ишларини бошлади. Ўша пайтда «Мусо орқали берилган Яҳованинг Қонун китоби» топилганди. Йўшиё у ердаги сўзларни эшитибоқ уларга дарров амал қилишга киришди. (2 Сол. 34:14, 19–21) Сиз ҳам Муқаддас Китобни мунтазам равишда ўқияпсизми? Ўқиётган бўлсангиз, бу сизга ёқяптими? Шахсан сизга ёрдам бериши мумкин бўлган оятларни белгилаб қўйяпсизми? Йўшиё тахминан 39 ёшда бўлганида ҳаётига зомин бўлган хатога йўл қўйган. У Яҳовадан йўл-йўриқ излашнинг ўрнига ўзига таянган. (2 Сол. 35:20–25) Бу ҳаммамиз учун сабоқ бўла олади. Ёшимиз нечада бўлишидан ёки ҳақиқатда қанча вақт бўлишимиздан қатъи назар Яҳовага яқинлашишда давом этишимиз муҳим. Бу доим Ундан йўл-йўриқ сўраб ибодат қилишни, Каломини тадқиқ қилишни ҳамда маънан етук масиҳийларнинг маслаҳатларини қабул қилишни ўз ичига олади. Бундай йўл тутсак камроқ жиддий хатога йўл қўйиб, кўпроқ қувонч ҳис қиламиз. (Ёқб. 1:25) w23.09 12-, 13-саҳ., 15-, 16-хб.
Якшанба, 26 октябрь
Аллоҳ мағрурларга қарши, камтарларга эса иноятлидир. (Ёқб. 4:6)
Муқаддас Китобда Яҳовани яхши кўрган ва Унга хизмат қилган кўпгина ажойиб аёллар ҳақида айтилган. Улар «ҳар нарсада меъёрини биладиган ва ҳар нарсада ишончли бўлиш»ган. (1 Тим. 3:11) Шунингдек, опа-сингилларимиз ўз жамоатидаги тақлид қилишга арзийдиган етук масиҳий аёллар билан дўстлашишлари мумкин. Азиз опа-сингиллар, ўрнак олишингиз мумкин бўлган маънан етук аёлларни танийсизми? Уларнинг гўзал фазилатларига диққат қаратинг, кейин ушбу фазилатларни қай йўсин намоён этишингиз мумкинлиги борасида ўйлаб кўринг. Камтарлик етук масиҳий бўлиш учун муҳим фазилат. Аёл киши камтарин бўлса, унинг Яҳова ҳамда бошқа одамлар билан муносабати яхши бўлади. Мисол учун, Яҳовани яхши кўрадиган аёл У ўрнатган бошчилик борасидаги принципга камтарлик ила амал қилади. (1 Кор. 11:3) Ушбу принципга ҳам жамоатда, ҳам оилада амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. w23.12 18-, 19-саҳ., 3–5-хб.
Душанба, 27 октябрь
Эрлар... ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. (Эфес. 5:28)
Яҳова эр хотинини севиб, жисмоний, ҳиссий ҳамда маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишини кутади. Тафаккурга эга бўлиш, аёлларни ҳурмат қилиш ва ишончли бўлиш яхши умр йўлдош бўлишингизга ёрдам беради. Уйлангач, ота бўлишингиз мумкин. Яхши ота бўлишни Яҳовадан ўргана оласизми? (Эфес. 6:4) Яҳова Ўғли Исони яхши кўришини ва ундан мамнун эканини очиқчасига айтган. (Мат. 3:17) Ота бўлсангиз, болангизга уни яхши кўришингизни доим айтиб туринг. Қилган яхши ишлари учун сахийлик ила мақтанг. Яҳовага тақлид қиладиган оталар фарзандига етук масиҳий бўлишга ёрдам беради. Оила аъзоларингиз ва жамоатдагиларга меҳр ила ғамхўрлик қилиш ва уларга севгингизни намоён этиб, қадрлаётганингизни билдириш орқали бу вазифани бажаришга тайёрлана оласиз. (Юҳан. 15:9) w23.12 28-, 29-саҳ., 17-, 18-хб.
Сешанба, 28 октябрь
[Яҳова] сенинг даврингда барқарорлик ўрнатади. (Ишаё 33:6)
Яҳованинг содиқ хизматчилари сифатида барча инсонлар каби қийинчиликларга дучор бўлиб, касалликларга йўлиқяпмиз. Шунингдек, Худонинг халқидан нафратланадиганлар томонидан қаршиликларга ёки таъқибларга дуч келаётгандирмиз. Гарчи Яҳова бу каби қийинчиликлар бошимизга тушмаслигининг олдини олмаса ҳам, бизга ёрдам қўлини чўзишга ваъда беряпти. (Ишаё 41:10) Унинг кўмаги билан қувончни йўқотмаслигимиз, яхши қарорлар чиқаришимиз ва ҳатто энг мураккаб пайтларда Худога садоқатли бўлиб қолишимиз мумкин. Яҳова қай йўсин кўмаклашяпти? У бизга Каломда «Худонинг тинчлиги» деб аталадиган тинчликни беришни ваъда қиляпти. (Филип. 4:6, 7) Бундай тинчлик фақат Яҳова билан яқин дўст бўлганимиз учун онгимиздаю қалбимизда хотиржамликка эга бўлишни англатади. Бу тинчлик «ҳар қандай ўй-фикрдан устун» бўлиб, тасаввур қилганимиздан ҳам кўпроғини ҳис қилишимиз мумкинлигини билдиради. Яҳовага ибодат қилгач, ўзингизни ниҳоятда хотиржам ҳис қилган пайтларингиз бўлганми? Ундай бўлса, ўшанда сиз «Худонинг тинчлигини» ҳис қилгансиз. w24.01 20-саҳ., 2-хб.; 21-саҳ., 4-хб.
Чоршанба, 29 октябрь
Эй жоним, Яҳовани мадҳ эт, бутун борлиғим Унинг муқаддас исмини мадҳ этсин. (Заб. 103:1)
Худога бўлган севги садоқатли инсонларни Унинг исмини чин юракдан мадҳ этишга ундайди. Шоҳ Довуд шуни тушунганки, Худонинг исмини мадҳ этиш Унинг Ўзини мадҳ этиш билан тенг. Унинг исмини эшитганимизда, У қандай Шахс экани, ҳамма гўзал фазилатлари ва ажойиб ишлари борасида фикр юритамиз. Довуд Отасининг исмини муқаддас деб, мадҳ этишни хоҳлаган. У буни «бутун борлиғи» билан — сидқидилдан қилишни истаган. Шу каби левилар ҳам Яҳовани мадҳ этишган. Улар Унинг муқаддас исми лойиқ бўлган мадҳларни сўзлар билан тўлиқ изҳор этишнинг иложи йўқлигини камтарлик ила тан олишган. (Нахим. 9:5) Шубҳасизки, бу каби камтарлик ила ва чин юракдан айтилган мадҳлар Яҳованинг қалбини қувонтирган. w24.02 9-саҳ., 6-хб.
Пайшанба, 30 октябрь
Нимага эришган бўлсак, келинглар, бундан буён ҳам одат тусига кирган шу тартибга биноан йўл тутайлик. (Филип. 3:16)
Мақсадимизга имконимиз бўлмагани туфайли эриша олмаганимизда, Яҳова бизни муваффақиятсиз деб ҳисобламайди. (2 Кор. 8:12) Тўсиққа ниманидир ўрганиш имконидек қаранг. Эришган мақсадларингизни ёдда сақланг. Муқаддас Китобда: «Аллоҳ адолатсиз эмас. Чунки У... меҳнатингизни унутмайди»,— деб ёзилган. (Иброн. 6:10) Шунинг учун эришган ютуқларингизни ва мақсадларингизни ёдингиздан чиқарманг ва улар ҳақида фикр юритинг. Масалан, бу Яҳова билан дўстлигингизни ривожлантирганингиз, У ҳақда бошқаларга айтаётганингиз ёки сувга чўмганингиз бўлиши мумкин. Ўтмишда жон куйдириб, мақсадингизга эришганингиз каби ҳозир ҳам қўйган маънавий мақсадингиз сари интилишда давом эта оласиз. Яҳованинг кўмаги билан мақсадингизга эриша оласиз. Маънавий мақсад сари интилишда давом этар экансиз, Яҳова сизга қандай кўмаклашаётганини ва баракалар бераётганини кўришни унутманг. (2 Кор. 4:7) Таслим бўлмасангиз, бундан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўласиз. (Галат. 6:9) w23.05 31-саҳ., 16–18-хб.
Жума, 31 октябрь
Отам сизларни севади, чунки сизлар мени севиб, Худонинг вакили сифатида келганимга ишондингиз. (Юҳан. 16:27)
Яҳова Унга қадрли бўлган инсонларга улардан мамнун эканини намоён этишни яхши кўради. Муқаддас Ёзувларда У Исо Унинг севикли Ўғли ва ундан мамнун эканини айтган иккита вазиятни ўқиймиз. (Мат. 3:17; 17:5) Яҳова сиздан ҳам мамнун эканини айтишини истармидингиз? Ҳозирги кунда Яҳова бизга осмондан туриб гапирмаса-да, Каломи орқали гапиради. Инжилда Исонинг сўзларини ўқиганимизда, Яҳова маъқуллаб айтган сўзларини «эшитишимиз» мумкин. У Отасининг шахсиятини мукаммал тарзда акс эттирган. Шунинг учун Исо номукаммал, аммо садоқатли издошларидан мамнун эканини айтгани ҳақида ўқиганимизда, ўша сўзларни Яҳова бизга айтаётганини тасаввур қилсак бўлади. (Юҳан. 15:9, 15) Қийинчиликлар пайдо бўлганда, улар Яҳова биздан мамнун эмаслигини англатмайди. Аксинча, бу Яҳовага бўлган севгимиз қанчалик кучли эканини ва Унга таянаётганимизни исботлашнинг имконидир. (Ёқб. 1:12) w24.03 28-саҳ., 10-, 11-хб.